27 Апрель 2018 Ташкент, +24...+15

Адлия вазирлиги мактаблар «ремонт»ига ота-оналардан пул йиғилишига муносабат билдирди

ЎЗБЕКИСТОН
10:04, 17 Апрель 2018

Адлия вазирлиги мактаблар «ремонт»ига ота-оналардан пул йиғилишига муносабат билдирди

Re:post

Адлия вазирлиги ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, Халқ таълими вазирлигига хат жўнатган

Нукусдан «Kun» нашрига «Мактабларда «ремонт»га пул йиғиш қонунийми?» мазмунда мурожаат келиб тушган. Мурожаат эълон қилингач, Адлия вазирлиги ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, Халқ таълими вазирлигига хат жўнатган.

Вазият юзасидан «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қонунчиликнинг қуйидаги талабларини ҳақидаги маълумотларни етказишни лозим деб ҳисоблайди», дейилади хатда ва қуйидаги талабларни санаб ўтади:

«Биринчидан, Конституциянинг 41-моддасига мувофиқ, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.

Иккинчидан, «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.

Учинчидан, Президентнинг 2017 йил 24 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–3242-cон қарорига мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузуридаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ва Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни, шу жумладан, идоравий бўйсунувдаги, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларни ҳамда бошқа инфраструктура объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.

Тўртинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 961-сон қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ, халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича ҳамда ўқувчиларнинг билими ва таълим сифатига таъсир қиладиган омилларни аниқлаш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш лозим.

Юқоридаги ҳолатлар халқ таълими муассасалари фаолиятида йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида барча таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларини қонун ҳужжатларининг талаблари бузилиши мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантиришингиз ва амалга оширилган ишлар ҳақида Адлия вазирлигига маълум қилишингиз сўралади», дейилади Адлия вазирлигининг хатида.

Хулоса қилиб айтганда, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари томонидан таъмирлаш учун ўқувчилардан пул йиғилиши ноқонуний ҳисобланади ва бундай ҳолатлар қонунга кўра таъқиб этилади.


Re:post хабар ва янгиликларининг Telegram‘да расмий канали!

 

Re:post
10:04, 17 Апрель 2018

Кўпроқ хабарлар