Ўқувчилар пешонасига «2» баҳо қўйган мактабдаги ходимларнинг деярли барчаси ишдан олинди

ЎЗБЕКИСТОН
11:05, 16 Май 2018

Ўқувчилар пешонасига «2» баҳо қўйган мактабдаги ходимларнинг деярли барчаси ишдан олинди

Мактаб директори, болаларнинг пешонасига икки баҳо қўйган ўқитувчилар, шунингдек, мактаб директорининг уч ўринбосари ишдан ҳайдалган

Бундан аввал, ижтимоий тармоқларда пешонасига «2» баҳо қўйилган ўқувчилар сурати тарқаб кетди. Бу ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлиб, фойдаланувчилар эътирозини келтириб чиқарди.

Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, тегишли чоралар кўрилганини маълум қилади. Бу ҳақда «Uz24» нашри хабар берган.

Маълумотларга кўра, воқеа шу йилнинг май ойи бошида Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 1-«Ж» синфида содир бўлган. Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мактабда хизмат текшируви ўтказилиб, ўқувчиларнинг камситилишига йўл қўйгани учун барча масъул ходимларга тегишлича чора кўрилди.

Мактабда ўқувчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши, уларнинг қадр-қиммати камситилишига шароит яратиб бергани, мактабда назоратни издан чиқариб, таълим-тарбия жараёнини қониқарсиз ҳолатга келтиргани, ўзининг лавозим мажбуриятларини қўпол равишда бузгани учун мактаб директори Д.Бабамуратова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, қатор хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари Ҳ.Раззоқова, Г.Байматова, О.Абдуллаева, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар И.Мўминов, М.Рўзиева ҳамда педагогга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари, ўз ўқувчисининг камситилишига йўл қўйгани учун бошланғич синф ўқитувчилари С.Раҳмонова, М.Ҳамдамова ишдан олинди қилинди.

Вазифасига совуққонлик билан қараган, таълим муассасаларида ўқув жараёнини назорат қилмагани учун Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими мудири М.Қўзибаевга «Ҳайфсан» берилди. Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими маънавий-маърифий тарбия ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича шўъба мудири Н.Мусакова ишдан олинди.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Бурхонов ота-оналари билан учрашиб, воқеа учун кечирим сўради.

Мазкур ҳолат тизимдаги барча таълим муассасаларида педагоглар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Воқеа юзасидан аниқланган хато ва камчиликларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумот киритилди.

Халқ таълими вазирлиги ҳар бир ўқувчининг бепул ва сифатли умумий ўрта таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз таъминланишига кўмаклашади ва ўқувчи ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай кўринишига нисбатан қатъий чора кўради.

Шу ўринда, вазирлик ота-оналар ва жамоатчиликдан таълим-тарбия жараёнларида фаол бўлишни сўраган ҳолда ҳамкорликка доим тайёрлигини маълум қилади.


Repost янгиликларини Telegram‘да кузатинг!

Re:post
11:05, 16 Май 2018

Янада кўпроқ хабарлар


Кўпроқ хабарлар