МУНОСАБАТ
05:08, 02 августа 2019

Карим Баҳриев мамлакат тарихининг қора саҳифалари ҳақида

Парламентнинг собиқ аъзоси ва «Ҳуррият» газетасининг собиқ бош муҳаррири мустақилликнинг илк йилларидаги сиёсий бўҳронлар ҳақида ўз таасуроти ва хотираларини баён қилди.

Карим Баҳриев ватанимиз журналистикаси ва сиёсати тарихидаги серқирра шахс. Шоир, ёзувчи, публицист, аъзоларининг кўпчилиги узоқ йиллар қамоқда сақланган, юртни тарк этишга мажбур бўлган ёки номлари бутунлай йўқ қилинган парламентнинг ўша машъум биринчи чақириғи депутати.

Бундан ташқари Карим Баҳриев 90-йилларнинг ўткир танқидий газетаси «Ҳуррият»нинг бош муҳаррири сифатида ҳам таниқли. Ўшанда газетанинг бор-йўғи 5 та сони дунё юзини кўрган бўлишига  қарамай, унинг ҳар бир сони шов-шувли зиддиятларга, таҳририят ходимларига нисбатан таҳдидларга ва энг «юқоридаги» ёпиқ кабинетларда навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилишига сабаб бўларди.

Ўзбекистоннинг мустақиллика эришишида бевосита иштирокчи, маслакдошлари қатағон ва қувғин қилинишига гувоҳ, йигирма йиллик турғунликни иложсиз кузатишга мажбур бўлган Карим Баҳриев ўзининг сиёсий ва ижодий йўли, ўша даврларнинг оммага маълум бўлмаган аччиқ ҳақиқатлари ҳақида гапириб берди, шунингдек, бугунги ҳамда келажакдаги Ўзбекистон ҳақида ҳам ўз қарашларини билдирди.       

 - Сиз 90-йилларнинг энг ёш депутатларидан бири бўлгансиз. Кўпчиликнинг гувоҳлик беришича, ўша пайтларда парламент фаолияти бирмунча очиқ ва самарали, мустақил бўлган. Сиз бугунги парламент ҳолатини қандай изоҳлай олишингиз мумкин? Ва парламент жамият ҳаётига нафи тегиши ҳамда аввалги улуғворлигини қайтариши учун нима қилиш керак?

- Ўша парламент амалий ҳаракатга, мустақилликка, аниқ самарага эга эканлиги ва мунозараларга бой бўлганлигини яқинда шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи тан олди. Боиси, унинг ўзи ўша парламентнинг депутати ва Мандат комиссиясининг раиси эди. Ўз чиқишида у шундай деди: «Ўша йиллари у ёки бу қонунни ўтказиш осон эмас эди, қарор қабул қилиниши керак – депутатлар саволлар беришарди, ечимлар таклиф қилишарди, қизғин баҳслашишарди». Ўша парламент ҳали СССР мавжудлигидаёқ Ўзбекистоннинг мустақиллиги тўғрисида декларация қабул қилган, мамлакат Конституциясини яратган, қонунчиликка асос бўлган 500 дан ортиқ қонунларни қабул қилган.

Нима учун ўша даврнинг парламенти самарали ва мустақил бўлган? Чунки ҳаққоний сайловларда бутунлай бошқача фикрлайдиган озод фуқаролар ҳам, шунингдек, «Бирлик» ва «Эрк» каби мухолиф ҳаракат ҳамда партиялар иштирок этиб сайланганлар.

Ўзбекистоннинг биринчи парламенти бир вақтнинг ўзида ҳам қаҳрамон ва ҳам кўп азият чеккан сиёсий институт ҳисобланади. Унинг аксарият фаол аъзолари мамлакатни тарк этишган, кўпчилиги қамоққа ташланган, бедарак йўқолган ёки сирли равишда вафот этишган.   

Ҳозирги парламентдан фуқаролар ҳам, давлат ҳам рози эмас. Янги президентнинг парламентни жонлантиришга уриниб қилган ҳаракатлари зое кетди – парламент жонланмади. Мослашувчан шахслар барча парламентда ҳам бўлган, аммо вақт ўтиши билан бундай одамлар бу ердаги ҳамма жойни эгаллаб олишди. Улар давлатнинг янги бошқарувига тез мослашишни бошлашди, янги шароитларда яшаб кетишни ва жон-жаҳди билан қарсак чалишни ўрганишди. Шунинг учун ҳам жорий йил охирида бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар жуда муҳимдир. Агар бизда ўз тасаввуримиздаги парламентни ҳосил қилишга етарли сиёсий ирода бўлса, унда парламентга янги кучларни, фуқаролик жамиятининг фаол вакилларини, жасур, фикрлайдиган, танқид қиладиган ва ечим таклиф қилаётган, шу билан бирга мухолиф одамларни ҳам киритишимиз зарур. Агар биз ўзимизнинг тўғрилигимизга ишонсак, унда кимдан қўрқамиз? Агар шундай бўлмаса, мен билмадим.

Оруэллнинг шундай сўзлари бор: «Фирибгар ва ўткинчи одамларга овоз берганлар ўшаларнинг қурбони ҳисобланишмайди. Улар ўшаларга шерикдир». Мен бу фикрнинг ҳақлигига ишонаман.

Чапдан ўнгга: 1990-1995 йилларда Ўзбекистон парламенти Кенгашининг депутатлари: Халқ артисти Шерали Жўраев, Карим Баҳриев, Самандар Қўқонов (панжара ортида 23 йил – 1993 йилдан 2016 йилгача сақланган) ва Иномжон Турсунов.

- Сиз ўз вақтида биринчи президентни кескин ва очиқ танқид қилгансиз. Ислом Каримов ўзига нисбатан билдирилган бу танқидларни қандай қабул қилган?

- Унинг учун биринчи ва ёқимсиз танқид 1991 йил 7 июнь куни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинган «Уйғониш машаққати» мақоласида ифода этилган. Бу воқеа мен уйланган кунда рўй берган. Ҳали газеталар «Шарқ» нашриётида чоп этилаётган ва расталарга етиб келмаган бир пайтда, яъни тонгги ошга давлат раҳбари девонидан, парламентдан вакиллар ва вазирлар меҳмон сифатида келишди. «Вазирлар Маҳкамасининг 1-кафеси»да ўтказилган кечки базмга эса, менга таниш бўлган бирорта ҳам амалдор келмади. Тўй Тошкент ҳамда Самарқандлик меҳмонлар ва қариндошлар иштирокида, парламентда менга маслакдош бўлган яқин дўстлар, шеърлар ўқиган ва кўп қадаҳ сўзлари айтган шоирлару ёзувчилар даврасида ўтди. Турмуш ўртоғимнинг қариндошлари ҳатто: «Бу тўй эмас, йиғилиш бўлди» дейишган.

Кейин маълум бўлдики, газета эрталаб расталарга чиққан. Вазирлар Маҳкамаси Президиуми ва Олий Кенгашнинг қўшма йиғилишида Ислом Каримов менинг устозларим – шоир Эркин Воҳидов ва ёзувчи Пиримқул Қодировга бақирган. У жаҳл билан: «Уни садоқатли, истеъдодли одам деб айтяпсизларми? У менга душманку! У мухолифатчи!». Эркин Воҳидов ўша йиллари Ошкоралик қўмитаси раиси, Пиримқул Қодиров эса, Тил, дин, маданият ва миллатлараро қўмита раиси эди. Мен турли даврларда уларнинг иккисида ўринбосар бўлиб ишлаган эдим. «Уйғониш машаққати» мақоласида шахсни улуғлаш бошланаётгани ҳақида фикр юритилганди. Менинг танқидий материалим чоп этилишидан аввал давлат раҳбарининг қишлоқ ва узоқ қишлоқларда яшовчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинганди. Телевизор орқали чиройли диктор аёл мақтовга йўғрилган матнни ўқий бошлади: «Бизга тоза сув берганлиги учун Президентга раҳмат!», «Унга раҳмат, бунга раҳмат» ва ҳоказо. Мен бунга ўз мақоламда шундай муносабат билдирганман: «Президент ўз томорқасида бодринг эккани ҳам, етиштиргани ҳам йўқ. Ишлаб топган пулларига сизларга водопровод ўтказиб бергани ҳам йўқ. У бюджет пулларини ажратаяпти. Бу пуллар эса, бизнинг – солиқ тўловчиларнинг пули. Агар шундай давом этса, биз уни ўзимиз нафас олиб турган ҳаво учун ҳам мақтай бошлаймиз. Нега биз яна қайтадан шахсни улуғлашни ташкиллаяпмиз? Ахир биз СССР даврида авторитаризм ва тоталитаризмдан тўймаганмидик?». Бу сўзлар унинг президент бўлиб сайланганига бор-йўғи олти ой ўтганидан кейин ёзилганди. Бироқ, бу огоҳлантириш муҳим ва башоратли бўлиб чиқди – мамлакат кейинги чорак аср давомида шахсга сиғиниш ва унинг зулмидан азоб чекиб яшади.

Мени парламентдан қувилиб, сўнг қамалишимни ҳамма кутаётганди. Мақоламдан кейин айрим танишларим мен билан дуч келганларида саломлашмай ҳам қўйишди. Одатда Каримовнинг ғазаби тез сўнарди. Икки-уч кун жаҳл қиларди. Аммо бу сафар у мен билан бир ярим ой гаплашмади. Ўша пайтдаги муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Госплан» раҳбари Шукрулло Мирсаидов ва парламентнинг Тил, дин, маданият ва миллатлараро қўмитаси котиби, яъни мен учаламиз диний ташкилотларни солиқдан озод қилиш масаласини муҳокама қилаётган пайтимизда олдимга Ислом Каримов келди ва баланд овозда бақира бошлади: «Нима қилиб қўйдинг?!». Мен унга хотиржам жавоб бердим: «Ёздим. Чоп этилди. Нима қилиш керак? Ортга қайтариб бўлмаса энди!». У ўзини босиб олиб, гапирди: «Биламан, сен мен ҳақимда ҳеч қачон яхши сўзлар ёзмайсан. Лекин ёмонини ҳам ёзма. Менинг душманларим шундоғам етарли. Биз сен билан бир жойданмиз (Самарқанд назарда тутилаяпти. Таҳр.). Хафа эмасман». Шундай қилиб биз ярашиб олдик ва Каримов мени у ёки бу моддалар билан қамаш кераклиги ҳақидаги қоғоз билан кирган ўзининг амалдорлари қувғинидан бир неча маротаба қутқариб қолган.

Ҳозир иккита Ислом Каримов бўлганлиги – гўёки у 1989 йилдан 1992-1994 йилларгача яхши, очиқкўнгил бўлиб, кўп ишлаганлиги ва яхши ишларни бажарганлиги, 1995 йилдан сўнгги кунларгача эса, коррупциялашиб, диктаторга айланганлиги ҳақида ёзиш тенденцияси пайдо бўлди. Бу фаразлар яшашга ҳақли. Каримовни танқид қилувчилар борлигида у анчайин синчков ишларди, бу унинг ўзи учун ҳам, бутун жамият учун ҳам фойдали эди. У ўзига рақобатчи деб билганларни бирма бир йўқ қилиб борди, натижада яккаҳоким ҳукмдорига айланди. Мен ўйлайманки, аввалданоқ унинг учун ҳамма масалада фақат дуализм мавжуд бўлган: «оқ» ва «қора», «ўзиники» ва «бегона», «дўст» ва «душман». Аслида ўз фарзандини қамоққа тиққан ва акасининг ўғлини руҳий касалликлар шифохонасига жўнатиб юборган одамнинг дўстлари бўлмайди (гап амакисининг шаънига тўғридан-тўғри танқид йўллаган ва қатор мақолалар чоп этган, руҳий касалликлар шифохонасига мажбур юборилиб, у ердан 2006 йилдан 2017 йилгача сақланган журналист, Ислом Каримовнинг жияни – Жамшид Каримов ҳақида бормоқда. Таҳр.). Каримов учун бошқа ранглар, бошқа фикрлар мавжуд эмасди. Уни танқид қилган ҳар бир одамни у ўзининг душмани деб биларди. Узоқ ва режали равишда ўша одамни йўқ қилиб юборарди. Танқид қилаётганлар балки яхши ниятларда ҳаракатланиб тўғри иш тутаётганини ўйлаб ҳам кўролмасди. У ҳамма масалада ўзи ва ўз ҳокимиятига нисбатан рақобатни кўрарди.

Карим Баҳриев ва Ислом Каримов, 1990 йил, 20 июнь – Мустақиллик тўғрисидаги декларация қабул қилинган кун.

- Машҳур шеърларингиздан бирида: "Мана, озод бўлди буюк давлатинг, бечора халқинг ҳам бўлсайди озод" деб ёзгансиз. Бу мисраларга қандай маъно жойлагансиз?

- «СССР – халқлар қамоғи» деган машҳур жумла кўпчиликка яхши таниш. СССРнинг инқирози ана шу қамоқнинг 15 та алоҳида камерага бўлиниб кетишини англатарди. Муаммо шунда эдики, «камерадошлар» ҳар бир камера «мустақил» деб эълон қилингандан кейин ҳам асир ҳисобланишадими ёки озод фуқароларга айланишадими? Сиз юқорида келтириб ўтган мисралар 1990 йил 20 июнда ёзилган «Мустақиллик декларацияси» шеъридан олинган. Сиз сўнгги мисраларни ўқидингиз, ундан бироз аввал шу мисралар маъносини очувчи сўзлар бор эди:

Нега қувонмайсан, тошмайсан жўшиб,
Ахир, мустақиллик келди ўлкангга?!
Ўрис амалдори елкангдан тушиб,
Ўз амалдоринг... минди елкангга.

Нечун бахтдан яйраб, шод яшамайсан,
Нечун бошинг эгик, ўзинг оввора?!
Энди сен Московга пул ташимайсан,
Энди сен ... Тошкентга ташийсан пора

Мустақилликнинг илк йилларида қуйидаги масалалар муҳим эди: «Давлат мустақиллигидан шахс мустақиллигига ўтиш» таъминланадими? Маъмурий-буйруқбозлик тизими ислоҳ қилинадими? Ҳақиқий бозор иқтисодиёти ўрнатиладими? Фуқароларнинг ҳуқуқ ва озодликлари таъминланиши амалга ошадими ёки бундан кейин ҳам амалдор ишчининг гарданига ўтириб олиб порахўрлик ва таъмагирликни давом эттираверадими? Афсуски, чорак асрдан кўп вақт ўтган бўлса-да, биз ҳали-ҳануз собиқ тузум муаммоларидан қутула олганимиз йўқ. Бугун биз ҳамма жойда амалий ислоҳотлар ҳақида гапиряпмиз ва гапдан ишга ўтишни кутяпмиз. Бир неча бор тарихан исботланган ҳақиқатни англаб етиш зарур – сиёсий ислоҳотлар ҳам бирга ўтказилмас экан, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қандай натижа бермайди.

- 2000 йиллар аввалида сизнинг «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» китобингиз норасмий таъқиқланган деган миш-мишлар юради. Нима деб ўйлайсиз бу воқеа нима билан боғлиқ?

- Бу китоб инглиз, рус ва ўзбек тилларида мамлакат ташқарисида чоп этилган бўлса-да, у тарқатилганидан сўнг шу китоб чоп этилишини молиялаштирган Сорос Фондининг ваколатхонаси Ўзбекистондан қувиб чиқарилди. Китоб таниқли социолог Маъруфой Тўхтахўжаева томонидан «Сороснинг сўнгги ўқи» дея аталганди. Китоб ва унинг муаллифи сифатида менинг – «Интерньюс-Нетворк»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ўринбосарининг тақдири Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилинган. Йиғилиш материалларидан бирида китобни расман тақиқлаш ва мени 7 йилга қамаш тўғрисида хулосага келинганини ўз кўзларим билан ўқиганман. Ушбу ғоя муаллифи, ўша пайтда Давлат Матбуот қўмитаси раиси бўлган Рустам Шоғуломовдан сўрадим: «Нега етти йил? Айтайлик, беш йил эмас?» У менга шунда одам беш йилга ва биринчи марта қамалаётган бўлса, амнистияга тушиши мумкин, қамаш тўғрисида эса буйруқ бўлган деб жавоб қайтарган.

Оғир нафасли, энг яхши одамлар қамалган, энг яхши китоблар тақиқланган рангсиз, ғалати бир ҳаёт бошланди.

Ўша даврда мана бундай сатрлари бор бошқа бир шеър ҳам дунёга келганди:       

Наҳот бағринг тилинган эмас,
Элнинг дарди билинган эмас,
Ҳақорат гар шул мамлакатда
Шеърларинг ман қилинган эмас.

Қора рўйхат боқсалар эди,
Қўлга кишан тақсалар эди.
Ҳеч бўлмаса ёзганларингни
Гулханларда ёқсалар эди.

Ким жасурдир – ўққа учибди,
Ким ботирдир – қафасда барбод.
Уяласан – ҳануз тириксан,
Уяласан – сен ҳануз озод.

«Сўз эркинлиги ҳақида сўз» китобининг ўзи эса, ягона шиор билан ёзилганди – келинг, ҳалол, тўғри яшайлик, ҳақиқатни гапирайлик! Унда ҳеч қандай исёнкор ва ҳалққа қарши фикрлар йўқ эди. Маълумот учун китобдан парча келтираман: «Айтишларича: «Халқ ҳали демократияга, айниқса, сўз эркинлигига тайёр эмас!» Ҳокимият тайёр эмишу, халқ эса – йўқ. Демак, бизда ҳукумат прогрессив, демократияни ривожлантиришни хоҳлайди, халқимиз эса – ортда қолган, қолоқ, унда боқимандалик психологияси ҳукмрон, унга демократияни беришга ҳали эрта. Ҳукмдорларимизнинг халқ билан омади чопмади. Бироқ, гўёки айрим халқларнинг бошқа халқларга нисбатан демократияга кўпроқ тўғри келишини маъқуллаш – расизм».

«Демократия нима? Демократия – бу халқнинг ўзини ўзи бошқариш тизими. Демократияда халқ ва унинг ҳар бир вакили ўз турмуш тарзини ўзи танлайди, ўз ҳаёти ва фаолиятини ўзи бошқаради ва ўзининг ҳатти-ҳаракатлари ва танлови учун барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Бу халққа муносиб, инсонга муносиб. Инсон унинг устидан ҳукмронлик қилишларига йўл қўйиб бериши номуносиб. «Халқ демократияга ва сўз эркинлигига тайёр эмас»лигини гапиришлари эса, халқни ерга уриш, таҳқирлаш каби янграйди. Наҳот халқ муносиб яшашни хоҳламаса? Ёки балки у ҳали ҳам уни бошқаришларини ва унинг устидан ҳукмронлик қилишларини хоҳлаётгандир? Демократия – бу инсон учун тўғри ҳаёт. «Демократияни ривожлантиришга шошилмаслик керак» дейиш эса, худдики, «тўғри яшашга шошилмаслик керак, келинглар, яна бир муддат нотўғри яшаб турайлик» каби янграйди».

Бундай ахлоқий қарашлар ким учун керак? Халққами? Йўқ! Халқ муносиб яшашни хоҳлайди ва унинг устидан камроқ ҳукмронлик қилишларини хоҳлайди. У ўзининг бўйсунган ҳолда қолишини хоҳлаши мумкин эмас. Аксинча, халқ айнан демократияга тайёр ва уни хоҳлайди. У буни хоҳламаслиги мумкин эмас.

Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик сезилмайди, чунки у бу ерда яхши уюштирилган.

Тарихда ҳеч қайси бир президент (хон, подшоҳ, монарх) бир ўзи бюрократияни жиловлай олмаган. Минглаб амалдорларнинг маҳобатли организми яшаб келмоқда ва у ўзининг ички қоидаларига кўра кўпайиб бормоқда. Жаҳон тарихи ва тажрибаси шуни кўрсатаяптики, амалдорларнинг сулоласи ва бюрократиясига фақатгина фуқаролик жамияти ва унинг институтлари – ҳаққоний ва озод сайланган парламент, мустақил судлар, мустақил ОАВ, мустақил касаба уюшмалари, мухолиф партиялар, маҳаллий бошқарув органлари қарши тура олади. Жамоат институтлари, шу жумладан мустақил ОАВ мавжуд бўлишига йўл қўймаган бошқарувчи ўзини бюрократия асирига айлантиради ва унинг измида бўлади, демакки, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлмайди.

Ўзбек амалдорлари ўзларига нисбатан ҳамиша мақтов эшитишга тайёрлар, аммо ОАВ танқидига худди ёш бола каби хафа бўлишади.

Ўзибўларчилик ҳамиша зўравонликнинг жиноий ҳаракатлари натижасида юзага келади, бироқ ҳеч қачон демократия ривожланиши натижасида эмас. Дунёнинг барча барқарор давлатлари – демократик, барча беқарорлари эса – тоталитар давлатлар.

Иқтисодиёт эркин бозор қонуниятлари асосида ривожланиши керак. «Дирижёр бошқарадиган» иқтисодиёт бўлмайди. «Дирижёр бошқарадиган» иқтисодиётда фақат «дирижёрлар» яхши яшашади, яъни ўз манфаати йўлида ўйин қоидаларини ҳамиша ўзгартирадиган ва ўрнатадиган амалдорлар. «Бошқариладиган демократия»да эса, фақат бошқарувчиларнинг ўзлари яхши яшашади.

  Фуқаролик жамияти мавжуд бўлмаган, мухолиф овозлар ва журналистнинг ҳақ сўзи эшитилмаётган мамлакатда кичик бир танқид ёки ҳокимият сиёсатига нисбатан синчковроқ қарашнинг ўзиёқ ғаразли, мухолифат бўлиб туюлади. Ҳокимиятни танқид қилувчи мухолифатнинг йўқлигида журналист беихтиёр мухолиф ролини ўйнайди, ваҳоланки, у балки мухолифга айланишга уринмаган бўлиши ҳам мумкин.

- Каримовнинг кейинги даврдаги бошқарувига нисбатан тўқсонинчи йилларнинг ўрталаригача Ўзбекистон бирмунча очиқ, сўз эркинлиги эса, юқори эди. Қайси фурсатда бунга путур етди? Нима учун сўз эркинлигига боғлиқ вазият ёмонлашиб борди?

- Бу саволга жавоб суҳбат аввалида қисман ёритилганди. Қайта қуриш (1985-1990) ва Мустақилликнинг илк йиллари (1991-1996)да заифлашиб қолган маъмурий-буйруқбозлик тизими 1996 йилдан яна ўзига кела бошлади, тез кучга кириб ҳаётнинг барча жабҳаларидан эркин фикрлашни сиқиб чиқарди. Ҳокимиятнинг барча бошқаруви: парламент, судлар ва ОАВ ижро ҳокимиятига мамлакат биринчи шахсининг мутлақ назоратида бўйсундирилди. Шундай қилиб, сўз эркинлиги ҳам йўққа чиқарилди.

Бунинг натижасида инсониятнинг кўп асрлик тажрибаси асосида тасдиқланган инкор этиб бўлмас ҳақиқат юзага қалқиб чиқди. Бу ҳақда ҳаттоки Ҳазрат Навоий ҳам ёзганлар: “Фаровонлик адолат бор ерда бўлади”. Сўз эркинлиги адолатнинг ажралмас қисми ва асоси ҳисобланади. Амир Темур қиличида “Рости русти”, яъни “Куч – ҳақиқатда” деб ёзилган, хато тахмин қилишларича: “Куч – адолатда” деб эмас. Энди эътибор беринг: сўз эркинлиги ва демократия ўрнатилган давлатлар – Япония, АҚШ, Корея, Европа давлатлари бой ва фаровондир. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммаси ҳам мислсиз ерости ва ерусти бойликларига эга эмас. Нефть, битмас-туганмас ерости бойликлари бор, бошқа минтақаларга нисбатан яхши бўлган иқлимга, меҳнаткаш халққа эга, бироқ сўз эркинлиги ва демократия бўлмаган давлатлар эса, камбағал. Бу каби давлатларга мисол қилиб мен Ироқ, Сурия, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқаларни кўрсатган бўлардим.

- Сўз эркинлигининг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Бизда бугун цензура мавжудми?

- Бугун энг юқори даражада сўз эркинлигини таъминлашга ва қонунийлаштиришга киришилган. Президентнинг ўзи ҳамда унинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “тўртинчи ҳокимият”ни сўзсиз қарор топтириш ҳақидаги режаларини маълум қилишмоқда, “юқори”ни мақтамай, танқидий мақолалар ёзишга чорлашмоқда.

Шундай бўлса-да, бугун ҳали жиддий танқид йўқ, фақат қаламлар илк синовдан ўтказилиб, майда тортишувлар бошланмоқда. Агар сўз эркинлигини қарор топтиришга сиёсий ирода етса, унда биз изчил такомиллашишимиз мумкин. Цензура мавжуд, ташқи ва ўзимизнинг ичимизда ҳам.

- Тўқсонинчи йилларнинг кўплаб сиёсий арбоблари ва фаоллари ўз фаолиятларини унча узоқ давом эттира олмай юртни тарк этишга мажбур бўлишган ёки қатағон қилинган. Сиз фикрларингизни кескин ва очиқ баён этгансиз, “Ҳуррият” танқидий газетасининг бош муҳаррири бўлгансиз. Бундай мураккаб даврда қандай қилиб мувозанатни сақлаб, бешикаст қолгансиз?

- Омон қолганим учун ҳижолатдаман. Аввало бу Яратганнинг иродаси. У мен кўп бор қалтис ҳаракатланаётганимни кўрган ва ҳар сафар сақлаб қолган. Лекин, бошқа томондан олиб қараганда, мен ҳамиша ёлғиз курашганман. Мен мухолиф ҳаракатлар аъзоси бўлмаганман ва ҳозир ҳам шундай. Мен имконият туғилган заҳоти ҳамиша журналист бўлганман. Менинг ортимда менга маслакдош бўлган уюшган жамоа йўқлигини давлат биларди. Зарур бўлганда мени тўхтатиш осон эди. Мен нишонда эдим. Ўша йилларнинг бир латифаси бор – диссидент хотини билан кечки сайр қилишибди. Уларни сайр давомида зимдан кузатиб юрган икки нафар фуқаро кийимидаги офицерлар ўзаро суҳбатлашиб, бири иккинчисига айтади: “Кўраяпсанми, у ўзининг беваси билан юрибди”. Яъни, кузатувдаги одам ҳали тирик, лекин хотини аллақачон бева ҳисобланмоқда.

“Ҳуррият” газетаси эса, Ислом Каримовнинг АҚШга қилган ташрифидан кейин биринчи мустақил газета сифатида таъсис этилган. Мен Америкага ундан ярим йил аввал бориб келгандим. АҚШнинг миллий матбуот марказида Каримов жуда кўп журналистларнинг саволларига жавоб берди. У бу жараён унчалик ҳам қўрқинчли эмаслигини кўрди. Каримов демократия иштиёқида ҳаракатга тушиб қолди ва у миллий матбуот маркази қуришга, ОАВни демократлаштириш фондини ташкил этишга ҳамда аввалдан “кўздан кечириб бериладиган” цензурага дучор бўлмайдиган мустақил газета нашр этилишига рухсат беришга қарор қилди. Менимча, бундай цензура мамлакатда 2003 йилгача бор эди. Каримов бизни 1996 йил 19 декабрь куни йиғди ва йўл-йўриқ кўрсатиб, кўндиришни бошлади. Шундай қилиб мамлакатда Миллий матбуот маркази ҳам, ОАВ Фонди ҳам, “Ҳуррият” газетаси ҳам пайдо бўлди.

Биринчи президент Америкадан қайтач, биз билан уч ярим соат гаплашди. У менга ҳақиқатни ёзиш кераклигини айтди. Каримов унга маслаҳатчилари бош муҳаррирлик лавозимига беш нафар номзодларни тавсия қилишганини, лекин уларни инкор этиб, мени танлаганини айтди. “Бу мамлакатда ва бу даврда ҳақиқатгўй газетани чоп этишнинг имкони йўқ. Мен танқид қиладиган одамлар мени гумдон қилишади”, - дедим мен унга. Каримов унинг шахсан ўзи менга кафил бўлишига ваъда берди. Мана шундай қилиб биринчи мустақил газета ҳам дунёга келган. Унинг биринчи сони чоп этилгач, давлат Матбуот қўмитаси раиси Рустам Шоғуломов мени ўз ҳузурига “гилам устига” чақирган. Иккинчи сондан кейин бош вазир ўринбосари Алишер Азизхўжаев олдига чақириб бўралаб сўккан. Учинчи сондан кейин давлат раҳбарининг маслаҳатчиси чақиртирган.  Тўртинчи сондан кейин энг “юқори”га чақиришган. Бешинчи сондан кейин газета чиқиши тўхтатилган. Би-Би-Си “Ўзбекистонни титратган бешта сон” мақоласини эълон қилди (Герберт Уэльснинг Октябрь инқилоби ҳақидаги романи номи - “Россияни титратган беш кун”га ўхшатиб. Таҳр.).

Мен кетадиган куним президент билан мулоқот бўлди. Кечқурун унинг олдига беш нафар вазир ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари келишганини, улар бу газета чоп этилаверса ишлай олмасликларини, президент халқаро муносабатни ҳам инобатга инобатга олиши кераклигини айтишганини менга гапириб берди. Каримов мен бош муҳаррир лавозимида қолишим мумкинлигини, аммо чоп этилгунга қадар газетани цензурадан ўтказиб боришни таклиф қилди. Мен бундай шароитларда ишлашни рад этдим. У лавозимдан кетишимни, лекин таҳририят кенгашида қолишимни ҳам таклиф қилди. Мен: “Ўз фамилиямни ёлғон чоп этилган газета тагида кўра олмайман”, - деб жавоб бердим. Каримов менга айтдики: “Сени бўшатамиз. Агар четдан қаралса, сен демократия қиляпсан, биз эса, сени қисмоқдамиз. Биз ўзимизни оқлаш учун нима ўйлаб топганимизда ҳам, аслида шундай. Мен амалдорларимга буйруқ бераман – сенинг бошингдан бирорта ҳам тола тушмайди. Сен, биз демократияга тайёр бўлганимизда келасан. Биз ҳам ўз юзимизни сақлаб қолишимиз керак. Сен энди бошқа муҳаррир бўлган сўнгги сонга мақола ёз. Дарвоқе, чет эллик журналистларга интервью бераётганингда сени порахўр амалдорлар, вазирлар сиқувга олишганини айт, лекин мени тилга олма”. Мен газетадан кетгач, ҳеч кимга интервью бермаслигимни айтдим. Шундай қилиб, мен Ислом Каримов вафотига қадар хорижий радиоларга интервью берганим йўқ. У эса, ваъдасини бажарди ва менга ҳеч ким дахл қилишига йўл қўймади.

   - Ҳозирги кунда ўткир ижтимоий ва сиёсий мавзуларда ёзаётган блогерларга қандай муносабатдасиз? 90-йиллардаги қувғинлар яна қайтарилишига хавотирлар борми?

- Мен блогергларга жуда яхши муносабатдаман, ҳатто мамлакат келажагига бўлган умидларимни улар билан боғлайман. Улар ҳам шу мамлакатда яшашади ва ҳозирча рухсат этилганнинг чегараларидан чиқишганича йўқ. Улар оила бизнесига тегишгани йўқ, мухолифат зарурлиги ҳақида ёзишмайди, мафия йўлига ғов бўлишгани йўқ, коррупцияга қарши курашганлари йўқ.

Блогерлар – журналистиканинг бир қисми, бунинг устига замонавий ва янги қисми, лекин кекса журналистиканинг барча “болаларча касаллиги” уларга хос. Бирдамлик, биродарлик, ҳамфикрлилик йўқ.

Уларнинг ва бизнинг келажагимиз ҳам ҳокимиятнинг сиёсий иродасига ҳамда барчамиз демократик келажак учун имкониятларимиздан қандай фойдаланишимиз, атрофда кучайиб бораётган фанатизм, миллатчилик, коррупция ва олигархик капитализм қуршовида демократияни қандай ҳимоя қилишимиздан мамлакатда келиб чиқадиган вазиятга боғлиқ бўлади.

- Ўзбекистон журналистикасини журналист сифатида қандай баҳолайсиз? Унинг қандай салбий ва ижобий томонлари бор?

- Ислом Каримов давридаги тарғиботчи журналистика билан таққослаганда бизнинг матбуотимиз олдинга - жуда узоқ масофаларга қадам босиб ўтди. Интернет ва янги технологиялар бу жараёнга янги тўлқинни олиб келди. Ўзбекистоннинг давлат ОАВ ўзгаришларга лаёқатли эмасликлари маълум бўлиб қолди, аммо мустақил сайтлар ва бошқа электрон ОАВ анча прогрессив. Бироқ, уларнинг барчасини демократик мамлакатлар матбуоти билан таққослаганда, ҳали мукаммалликдан жуда узоқ.

Менинг ўзбек журналистикаси муаммоларига оид рўйхатим жуда узун. Айримлари ҳақидаги фикрларим билан чекланаман.

Ҳокимиятнинг сўз эркинлигига йўл бериш ҳақидаги сиёсий иродаси масаласи. Мамлакат раҳбарияти ўзгариши муносабати билан журналистлар анча жиддий мавзуларда ёзиш, ҳокимият ва амалдорларни танқид қилиш имкониятига эга бўладилар деган умид пайдо бўлди. Бу ерда ўз-ўзидан муаммолар ҳам пайдо бўлиши мумкин: журналистларни судга беришади, ОАВни ёпишга ва журналистларга босим ўтказишга ҳаракат қилишади. Демак, ҳамкасблар ҳуқуқий кўмакка муҳтож.

Кадрларнинг профессионаллиги масаласи. Масалан, интернет-нашрлар кадрлар етишмовчилиги муаммосига мутахассис йўқлигидан эмас, балки нисбатан янги йўналиш бўлганлиги учун дуч келишмоқда. Уларни интернет-журналистикага ўқитиш керак. Журналистларнинг маоши ҳар хил. Албатта, барчаси нашр салоҳияти ва тўлов қобилиятига боғлиқ.

Сариқ матбуот бизнес каби гуллаб-яшнамоқда. Ижтимоий-сиёсий нашрлар кўмакка муҳтож.

Муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга ўргатиш керак. Журналистларимизнинг катта муаммоси – жавобгарликнинг йўқлиги. Материаллар эгаси кўрсатилмай ўзаро алмашилади.

Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, нодавлат оммавий ахборот воситалари бугун Ўзбекистоннинг 60 фоиз босма нашрларини, 67 фоиз теле, радиоканалларини, 95 фоиз интернет-нашрларини ташкил этади. Интернет-журналистиканинг ривожланиши миллий ахборот макони қамровининг янада кенгайишига ва мундарижаси бойишига хизмат қилмоқда.

Қонунчиликка оид муаммолар: мавжуд база таҳлилини қилиш ва уни мукаммаллаштириш, шу жумладан, хорижий ОАВларни аккредитациядан ўтказиш борасида ҳам.

Қонунчиликка оид янги ташаббуслар керак, хусусан, диффамацияни декриминализациялаш (шахсни фош этувчи, бироқ туҳмат бўлмаган маълумотнинг оммага тақдим этилиши).

Иқтисодий муаммолар: ОАВ бизнес каби ишлаши керак, ҳозирги қонунчиликка кўра, уларнинг ўз ривожи учун инвестиция киритиши, чет элликларнинг таъсисчилиги тақиқланган,  қоғоз олиб кириш монополлаштирилган ва ҳоказо.

- Бугунги Ўзбекистоннинг учта асосий ютуғи ва учта асосий муаммосини нимада?

Ўзбекистоннинг учта асосий ютуғи:

- Дунёга очиқлик ва қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатилганлиги;

-  Валюта конвертацияси жорий қилинганлиги;

- Сўз эркинлиги.

Ва учта асосий муаммолар:

- Оммавий коррупция ва ҳокимиятдаги қариндош-уруғчилик;

- Эски маъмурий-буйруқбозлик тизимининг сақланиб қолганлиги;

- Монополизм, протекционизм ва иқтисодиётда бозор муносабатларининг йўқлиги.

- 10 йилдан кейин Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз?

- Мен орзу-умидларимда романтикман. Мен мамлакатни ўтмиш исканжаларидан оз бўлса-да озод бўлган ва илғор инсоният стандартлари бўйича яшашга қарор қилган ҳолда кўраман. Мен келажакка қизиқаман албатта, ахир ўша келажакда умримнинг қолган қисмини яшайман, ўша келажакда менинг фарзандларим ва невараларим яшайди.

Интервью: НОЗИМ САФАРИ         

Re:post
05:08, 02 августа 2019

Вам также может быть интересно


СМОТРЕТЬ ЕЩЕ